АҚШда 14 миллион бола оч қолмоқда
АҚШда 14 миллионга яқин бола ёки ҳар бешинчи бола озиқ-овқат танқислиги ва очликдан азият чекади. COVID инқирози чўққисида бу кўрсаткич 18 миллионга яқинлашган эди. Бу барча ёшларда кузатиладиган очлик ва озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ муаммонинг кенгроқ ва жиддий қисмидир.
Болалар озиқ-овқат танқислигидан азият чекадиган уй хўжаликлари сони пастроқ даражада қайд этилган, чунки болали уй хўжаликлари АҚШдаги жами уй хўжаликларининг атиги 39 фоизини ташкил қилади, шунингдек, катталар одатда болаларни очликдан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади.
Расмий ҳисоботга кўра, болалар озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чеккан ва оч қолган уй хўжаликлари сони 2021 йилда 2,3 миллион бўлган бўлса, 2022 йилда кескин ўсиб 3,3 миллионга етган, бу бир йилда 44 фоизлик ўсишни англатади. Худди шундай, болаларда юқори даражадаги озиқ-овқат танқислиги кузатилган уй хўжаликлари (бу овқатланишни ўтказиб юборадиган ёки бир кун давомида умуман овқатланмайдиган болаларни ўз ичига олади) бир йил ичида 2021 йилдаги 274 000 дан 2022 йилда 381 000 га, яъни бир йилда 40 фоизга ошган.
Аҳолининг айрим қатламлари, масалан, қора танлилар ва лотинлар орасида озиқ-овқат танқислиги ва очлик даражаси ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори.
Ялпи ички маҳсулоти юқори, миллиардерлар сони энг кўп, табиий бойликлар базаси жуда катта, ўз манфаатларига мос валюта ва савдо тизимларини яратиш бўйича фавқулодда имкониятларга эга бўлган мамлакат нима учун ўз халқини муносиб овқатлантира олмайди ва халқи, айниқса болалари орасида очлик ва озиқ-овқат танқислиги жуда юқори даражада?
Бундан ташқари, АҚШ Исроилга, энг ҳалокатли ва прокси-урушлар учун юз миллиардлаб доллар ажрата олган бўлса-да, мамлакатда очликни олдини олиш учун ўн миллиардлаб долларни ажрата олмаган.
Дарҳақиқат, мавжуд маълумотлар шуни кўрсатадики, АҚШ инсонлар ҳаётига жуда қимматга тушадиган бундай прокси можароларга чуқур аралашган бир пайтда, мамлакат ичида очлик ва озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекаётганлар сони жуда тез суръатда ўсиб бормоқда.
АҚШнинг кўп ҳудудларида COVID инқирози тугаганидан кейин очликнинг кутилган пасайиши рўй бермади, чунки COVID даврида очлик ва бошқа муҳтожликларнинг олдини олиш учун жорий этилган айрим махсус дастурлар жуда шошилинч тарзда бекор қилинди.
Яқинда Озиқ-овқат тадқиқотлари ва ҳаракат маркази огоҳлантириш берди. АҚШнинг 12 га яқин штати озиқ-овқат ва овқатланиш (ЭБТ) дастурига умумий 1,4 миллиард долларлик харажатлардан воз кечишга тайёрлиги туфайли бу келгуси йил (2025) ёзида 10 миллионга яқин боланинг озиқ-овқат таъминотини йўққа чиқариши мумкин.
Буларнинг барчаси капитализм, айниқса, унинг тажовузкор шакллари бошқа мамлакатлар халқининг эҳтиёжлари ва хавфсизлигига эътибор қаратиш уёқда турсин, ўз халқининг энг муҳим эҳтиёжларини қондиришдан қасддан бўйин товлаши, буни истамаслигини яққол кўрсатиб турибди. Бутун дунёни ларзага солаётган геноцидни ошкора қўллаб турган мамлакат учун бу ўта ачинарли ҳолдир.













