Ғазода сув тугаяпти
Ғазо секторида сув таъминоти инқирози юқори даражага етди. Маълум қилинишича, Шужайя ҳудудида исроил ҳужумлари сабаб “Мекорот” компаниясининг асосий сув қувури зарарланган. Оқибатда юз минглаб аҳоли тоза ичимлик сувидан маҳрум бўлган.
Маҳаллий ҳокимиятнинг хабар беришича, Ғазодаги сув таъминотининг 70 фоизи шимолий қувур орқали амалга оширилар эди.
Фаластин сув ресурслари бошқармаси ва Статистика бюроси маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги сув инфратузилмасининг 85 фоиздан ортиғи тўлиқ ишдан чиққан.
Ҳозирда аҳоли учун кунлик сув истеъмоли ҳар бир одамга 3–5 литрни ташкил этмоқда. Бу эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фавқулодда ҳолатларда ҳаёт учун зарур деб белгилаган 15 литрлик минимал меъёрдан анча пастдир.
Айни пайтда 2,3 миллиондан ортиқ Ғазо аҳолиси, ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.












