Аляскадаги саммит: Путин ва Трамп нимага келишди?
Кеча, 15 август куни Аляскада АҚШ ва Россия президентларининг сўнгги 4 йилдан ортиқ вақт ичидаги биринчи юзма-юз учрашуви бўлиб ўтди.
Дональд Трамп ва Владимир Путин АҚШнинг Анкориждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий-ҳаво базасида “учга уч” форматда музокаралар ўтказди. Учрашувни иккала томон ҳам конструктив ва самарали деб баҳолади, аммо Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани ҳақида бирор гап-сўз бўлмади.
Музокаралар деярли уч соат давом этди, шундан сўнг Путин ва Трамп журналистлар олдига чиқиб, қўшма матбуот анжумани ўтказди.
АҚШ президенти Fox News телеканалига берган ярим соатлик интервьюсида музокаралар кунини “10 баллдан 10 балл” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, қўшма матбуот анжуманидан сўнг у Кремль раҳбари билан яккама-якка “жуда самимий” суҳбатлашган. Трамп яна урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш энди Владимир Зеленскийга боғлиқ эканини қўшимча қилган. У Украина президентига Путин билан битим тузишни маслаҳат берди. Россияга қарши янги санкциялар ҳақида эса Трамп яқин 2-3 ҳафта ичида ўйламасликка ваъда берди.













