АҚШ президенти Жо Байден аввалги ваъдасидан фарқли равишда, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва қуролга эгалик қилиш билан боғлиқ қонунларни бузганликда айбланган ўғли Хантер Байденни афв этди.

Оқ уй раҳбари ёзма баёнотида Америка жамоатчилигига афв этиш ваколатидан фойдаланишга қарор қилгани сабабларини тушунтирди.

Америка етакчиси ўз лавозимининг биринчи куниданоқ АҚШ Адлия вазирлиги томонидан қарор қабул қилиш жараёнига аралашмаслигини айтганини ва ўз сўзида туришга ҳаракат қилганини, бироқ республикачилар жараённи унга қарши “сиёсийлаштирганини” эслади.

“Бугун ўғлим Хантерни афв этиш тўғрисида имзо чекдим. Ўз лавозимимнинг биринчи куниданоқ АҚШ Адлия вазирлиги қарорлари қабул қилинишига аралашмаслигимни айтдим. Ўғлимнинг ноҳақ қувғинга учраганини кўрганимда ҳам сўзимда турдим. Хантерни йўқ қилишга уриниб, мени йўқ қилмоқчи бўлишди. Етар!”, - деб таъкидлади президент.

Байденнинг сўзларига кўра, АҚШ Конгрессидаги республикачилар унга қарши ишни қўллаш учун қўлларидан келганини қилишди ва адолат доирасидан ташқарига чиқишди. Хантер Байденга қарши иш "сиёсий қасос" қуролига айланди, деди президент.

“Умид қиламанки, америкаликлар ота ва президент нима учун бундай қарорга келганини тушунишади”, - деди Байден.

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Хантер Байденга қўйилган айбловларни текшириш учун тайинланган махсус прокурор Девид Вайсс идораси президентнинг ўғлини Калифорнияда 1,4 миллион доллар солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаган эди.

Айблов хулосасига кўра, Хантер Байден 2016 йилдан 2019 йилгача камида 1,4 миллион долларлик федерал солиқларни тўламасликни ва 2018 йил учун солиқларни тўламаслик учун сохта декларациялар топширган. 

Байден солиқларни ўз вақтида тўлаш ўрнига пулларини ҳашаматли меҳмонхоналар, қимматбаҳо машиналар, гиёҳванд моддалар ва фоҳишаларга сарфлаганликда айбланмоқда.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Хантер Байденнинг авф этилишини суиистеъмоллик ва адолатни бузиш деб атади.

АҚШ Конгрессидаги республикачилар Хантер Байденни отасининг сиёсий мавқеидан хориждаги бизнес битимларидан фойда олиш учун фойдалангани учун, Адлия вазирлиги эса 54 ёшли кичик Байденга нисбатан солиқ жиноятлари бўйича терговни нотўғри секинлаштиргани учун танқид қилмоқда. Байден ўзига қарши барча айбловларни рад этди.

АҚШ президентининг ўғли 11 июнь куни суд томонидан қурол-яроғ қоидаларини бузишда ҳам айбдор деб топилганди.

Бу қарор биринчи марта президентнинг яқин қариндоши отаси президентлик даврида жиноят содир этганликда айбдор деб топилган ҳолат бўлди.

Мавзуга алоқадор