“Шанба куни Баҳрайн ўзининг илк миллий сунъий йўлдоши — Ал-Мунзирни орбитага учирди”, дея хабар қилмоқда Arab news нашри. Қурилма Баҳрайн Миллий илмий-космик агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг лойиҳалаш ва яратиш жараёнида фақат баҳрайнлик мутахассислар иштирок этган.


Ал-Мунзир Яқин Шарқ минтақасида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда тасвирларни қайта ишловчи биринчи сунъий йўлдош ҳисобланади.


“Мазкур сунъий йўлдошнинг муваффақиятли учирилиши Баҳрайн қироллигининг космосни ўзлаштириш йўлидаги муҳим қадами ҳисобланади. Миллий илмий-космик агентлик жамоасининг ютуқлари билан фахрланаман. Бу сунъий йўлдошни орбитага чиқариш орқали биз орбитавий тизимларни синовдан ўтказишнинг янги босқичини бошладик”, деди агентлик раҳбари Муҳаммад Иброҳим Ал-Асирий.


Сунъий йўлдошда Ер юзасини кузатиш камералари ва киберхавфсизлик тизими ўрнатилган. Ал-Мунзир 550 км баландликдаги қуёш-синхрон орбитада ҳаракатланади ва унинг хизмат муддати 2 йилни ташкил этади.

Мавзуга алоқадор