OCCRP (Жиноят ва коррупцияни ўрганувчи журналистлар консорциуми) Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни “2024 йилнинг коррупционери” унвонига сазовор деб топди. Шунингдек, Экваториал Гвинея президенти Теодоро Обиангга “Умр давомида эришган антиютуқлари учун” махсус мукофот берилди.

OCCRP маълумотига кўра, Асад режими минтақадаги турли жиноятлар ва коррупция манбаи бўлган. Асад ҳукумати каптагон (синтетик гиёҳванд модда) ишлаб чиқариш, одам савдоси, қадимий буюмларни ўғирлаш ва қурол контрабандаси орқали миллиардлаб доллар даромад олган.

Медиа-платформа Daraj.com асосчиси Алия Иброҳимнинг таъкидлашича, Асад ҳукмронлиги минтақада мисли кўрилмаган зўравонлик, иқтисодий таназзул ва ижтимоий ҳалокатларга сабаб бўлган. Унинг фикрига кўра, бу зарарни бартараф этиш учун бир неча ўн йиллар талаб этилади.

OCCRP танловида 40 мингдан зиёд киши Кения президенти Уилям Рутодан мамлакатдаги коррупция ва ижтимоий инқирозлар учун ҳисоб олинишини таклиф қилган. Бироқ, Асаднинг жиноятлари кўплаб мамлакатларга зарар етказгани учун мукофот унга берилди.

OCCRP шу йил биринчи марта “Умр давомида эришган антиютуқлари учун” махсус мукофотини таъсис этди. Мукофотни 1979 йилдан бери ҳокимиятда бўлган Экваториал Гвинея президенти Теодоро Обианг Нгема Мбасого қўлга киритди.

Обианг диктаторлик даврида репрессиялар, қийноқлар ва коррупция орқали ўз оиласи учун жуда катта бойлик тўплаган. Ганалик журналист Анас Аремейо Анас уни Африкада коррупция ва жазосизлик рамзи сифатида таърифлади.

OCCRP ҳар йили коррупциянинг энг ёрқин намуналари ва уларнинг жамиятга кўрсатган салбий таъсирларини кўрсатиш учун шундай танлов ўтказади. 2024 йилги танлов Асад ва Обианг каби шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва жамиятга етказган зарарини яна бир бор намойиш этди.

Мавзуга алоқадор