Бинямин Нетаняху заҳарландими?
Яроқсиз озиқ-овқатдан заҳарлангани айтилаётган исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуга ичак яллиғланиши ташхиси қўйилди. Бу ҳақда хабар берган исроил ҳукумати идорасига кўра, Нетаняху келгуси уч кун давомида уйида дам олади, бироқ давлат ишларини у ердан туриб давом эттиради.
Баёнотга кўра, 75 ёшли Нетаняҳу тунда ўзини ёмон ҳис қилган ва шифокорлар томонидан ичак яллиғланиши ҳамда сувсизланиш ташхиси қўйилган. Унга томир орқали суюқлик юборилмоқда.
Reuters нашрининг қайд этишича, ўтган йил декабрь ойида Нетаняхуда сийдик йўллари инфекцияси аниқлангач, бош вазирнинг простата бези олиб ташланган.
Эътиборлиси, яҳудий нашрлари бош вазирни ҳийлагарликда айбламоқда: Нетаняхунинг "давлат ишларини уйидан олиб бориши" уни душанба ва сешанба кунларида белгиланган жиноят ишлари бўйича суд мажлисларида иштирок этишдан сақлаб қолади. Суд тингловлари энди фақат сентябр ойида, судлар таътилдан қайтгач, давом эттирилади.













