Ғазода қирғин, араб давлатларида эса савдо авжига чиқмоқда
Ғазода давом этаётган қонли қирғин ва фаластинликларнинг оғир муаммоли шароитига қарамай, бир қатор араб давлатлари Исроил билан савдо-сотиқ алоқаларини фаоллаштирмоқда.
Миср Марказий статистика бюросининг расмий маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатнинг Исроил билан товар айирбошлаш ҳажми 23% га ошган. Исроил расмий манбалари эса Иордания, Баҳрайн, Марокаш ва Бирлашган Араб Амирликлари билан савдо кўрсаткичларининг ўсганини қайд этган.
Хусусан, Иордания билан савдо айланмаси юқори даражада сақланиб, Исроилга экспорт қилинган товарлар ҳажми 76 миллион доллардан 109 миллион долларга ошган. Баҳрайннинг Исроилдан импорт ҳажми эса кескин ўсиб, 8,1 миллион доллардан 102 миллион долларга етган, экспорт эса икки баробарга кўпайган. Марокаш билан савдода импорт ҳажми бироз камайган бўлса-да, Исроилнинг бу мамлакатга экспорти 30% га ошган ва 95,5 миллион долларга етган.
БАА эса Исроилдан импорт ҳажмини 450 миллион долларга оширган бўлиб, бу минтақа мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бирга, Исроил маҳсулотларининг БААга экспорти 132 миллион долларга камайган.
Араб давлатлари расмийларининг аксарияти Ғазода давом этаётган уруш ва фаластинликларнинг мураккаб гуманитар ҳолати юзасидан одатда қаттиқ баёнотлар бериб келади. Бироқ амалий жиҳатдан уларнинг Исроил билан савдо алоқалари ортга қайтиш ўрнига, аксинча, ривожланиб бормоқда.













