Германиянинг йирик компаниялари ишчи сонини камайтиришни бошлади
Yeni Şafak нашрининг маълум қилишича, Европанинг йирик компанияларидан бири ҳисобланган Siemens дунё бўйлаб ишчи сонини камайтиришга қарор қилган. Уларнинг сони умумий ҳисобда 6000 тани ташкил этади.
Бунинг натижасида Германиядаги автоматлаштириш ва электромобиллар учун қувватлантириш қурилмаларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган 2850 ходим ишсиз қолиши мумкин.
Қўл остидагиларни ишсиз қолдираётганлар фақат Siemens билан чекланмайди. Бундан аввал Германия оммавий ахборот воситалари Audi компанияси ҳам 2029 йилгача 7500 та иш ўрнини қисқартиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.
Бунинг барчаси Германия ишлаб чиқариш сектори инқирозга дуч кела бошлаганини кўрсатмоқда. Энергия нархларининг ошиши, таъминот занжирларидаги узилишлар ва талабнинг пасайиши йирик компанияларни мураккаб вазиятга олиб келган.
Натижада, оммавий ишдан бўшатишлар авж олмоқда. Воқеликка жавобан касаба уюшмалари иш ўринларига кафолатларни яхшилашни талаб қилиб, норозилик намойишлари ва иш ташлашларни ташкил қилмоқда.













