БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жума куни бутун дунёда “мусулмонларга нисбатан муросасизлик хавотирли даражада ортиб бораётганини” таъкидлаб, онлайн платформаларни нафрат ва таъқибларнинг тарқалишини чеклашга чақирди. 


Унинг бу видеомурожаати БМТ томонидан 15 март санасида тасдиқланган Исломофобия билан кураш халқаро куни арафасида эълон қилинди. 


Гутерриш ўз мурожаатида аниқ бир давлат ёки ҳукуматни тилга олмаган ҳолда, мусулмонларга нисбатан нафрат ва камситишнинг кучайиб бораётганини таъкидлади. Унинг айтишича, бу жараён ирқий стигматизация ва инсон ҳуқуқларининг бузилишидан тортиб, мусулмонларнинг ўз диний эътиқодини эркин адо этишига тўсқинлик қилиш ва уларнинг ибодат масканларига нисбатан зўравонликка қадар етиб бормоқда.


У қўшимча қилиб шундай деган: “Онлайн платформалар нафрат ва таъқибларни чеклаши лозим. Биз ҳаммамиз муросасизлик, ксенофобия ва камситишга биргаликда чиқишимиз керак.”


Сўнгги ҳафталарда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Буюк Британия, АҚШ, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда нафрат асосидаги жиноятлар ва исломофобик баёнотларнинг рекорд даражада ортгани ҳақида ҳисоботлар эълон қилишди. Шунингдек, ушбу давлатларнинг ҳукуматлари ҳар қандай камситишларга қарши курашаётганини таъкидланган.


Жаҳон инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТ Исроилнинг Ғазо секторида амалга ошираётган вайронкор ҳарбий операциясидан бери исломофобия, арабларга нисбатан тарафкашлик ва антисемитизмнинг кескин ортганини қайд этмоқда.

Мавзуга алоқадор