Исроил армияси 18 мартга ўтар кечаси Ғазо секторига қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумларини қайта бошлади. ЦАХАЛ ва Шин-Бет маълумотларига кўра, ҳужумлар ҲАМАС объектларига қаратилган бўлиб, улар сиёсий раҳбарият қарори асосида амалга оширилмоқда. Аммо бу бомбардимонлар Ғазода 200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди, ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам борлиги айтилаяпти.


Оқ уй маъмурияти Исроилнинг бу ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Матбуот котибининг баёнотига кўра, Исроил ҳужумлари Вашингтон билан мувофиқлаштирилган ва АҚШ президенти бу иттифоқдош давлатни ҳимоя қилишдан чўчимаслигини таъкидлаган. Ҳатто Ғазо учун “жаҳаннам эшиклари очилиши” ҳақидаги таҳдидли баёнот ҳам билдирилган.


Исроил расмийлари эса ҲАМАСни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга рози бўлмасликда айбламоқда. Бу эса Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Ҳужумларнинг қайта бошланиши нафақат минтақа, балки халқаро ҳамжамият томонидан жиддий хавотир билан кузатилмоқда.


Сал аввал, босқинчи исроилнинг тунда Ғазо бўйлаб уюштирган ҳаво ҳужумлари пайтида ҲАМАСнинг баъзи етакчилари шаҳид бўлгани айтилган эди. Улар орасида ҳаракатнинг Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Абу Убайда ал-Жамаси ҳам бор. 


Бундан ташқари, ҲАМАСнинг Ғазодаги ички операциялари учун масъул бўлган генерал-майор Баҳжат Ҳасан Абу Султон ва сиёсий бюро аъзоси Исом ал-Далис ҳам ҳалок бўлган.

Мавзуга алоқадор