Исроил армияси “Ғазодаги ишғолини доимий қилиш” режасини амалга оширишни бошлади
17 май куни Исроил армияси хавфсизлик кабинетининг тасдиғи билан “Ғазодаги ишғолини кенгайтириш ва доимий қилиш” режасини амалга оширишга киришганини эълон қилди.
Армия баёнотида айтилганига кўра, қўшинлар ҳаракатга келтирилган ва куни давомида Ғазонинг стратегик ҳудудларига нисбатан кенг қамровли ҳужумлар бошланган. Бу операция “Гидеоннинг жанговар аравалари” деб номланиб, 2023 йил 7 октябрдан бери давом этаётган урушда Ҳамасни тор-мор қилиш ва исроиллик асирларни озод этиш мақсадларига етиша олмаган Исроил ҳукумати томонидан янги босқич сифатида бошланган.
The Times of Israel нашри ёзишича, бу ҳужумлар Исроил томонидан Ғазони доимий ишғол қилиш ва фаластинликларни унинг жанубига мажбурий кўчириш мақсадини кўзламоқда.
Ҳужумлар АҚШ президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ тури давомида янада кучайтирилди. Исроил ҳаво зарбалари натижасида кўплаб мактаб, шифохона, фуқаролик инфратузилмалари ҳамда кўчирилган фаластинликларнинг чодирлари йўқ қилинган. Фақат кечагина амалга оширилган ҳужумларда 113 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Исроил хавфсизлик кабинети 4 май куни “Ғазодаги ишғолни доимий қилиш” мақсадида тайёрланган режани тасдиқлаган эди. Ушбу режа уч босқичдан иборат бўлиб, агар Трампнинг Яқин Шарқ сафари якунига қадар отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаса, иккинчи босқичга — ҳужумларни кучайтириш ва фаластинликларни жанубга суришга ўтилади. Шунингдек, Исроил қўшинлари бу сафар эгалланган ҳудудлардан чекинишни режалаштирмаяпти ва бу ерларда ишғолни сақлаб қолишни мақсад қилган.













