Исроил аскарлари Хеврондаги ҳазрати Умар даврида қурилган масжидга ўт қўйди
Босқинчи исроил аскарлари Фаластиннинг Хеврон шаҳридаги Тель-Румейда маҳалласида ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.) даврида қурилган қадимий масжидга ўт қўйди.
Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, ёнғин тезда ўчирилиб, катта зарарнинг олди олинган.
Мазкур ҳодиса фаластинликлар орасида катта эътирозларга сабаб бўлди, чунки масжид уларнинг диний ва маданий меросининг муҳим қисми ҳисобланади. Масжидларга бундай ҳужумлар минтақадаги кескинликни янада кучайтириши мумкинлиги айтилмоқда.
Шунингдек, яқинда Наблус шаҳридаги тарихий "Ан-Наср" масжиди ҳам ёнғинга учраган эди. Гувоҳларнинг айтишича, ёнғин натижасида имом хонаси тўлиқ ёниб кетган, шунингдек, масжиднинг гиламлари ва фасадига ҳам зарар етган. Бу масжид илгари римликлар даврида черков сифатида қурилган бўлиб, 1187 йилда салбчилар устидан қозонилган ғалабадан сўнг масжидга айлантирилган.
Фаластин Вақф ва диний ишлар вазирлиги ушбу ҳодисаларни қоралаб, уларни муқаддас жойларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолади. Вазирлик вакиллари бундай ҳужумлар минтақадаги вазиятни янада ёмонлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Масжидларга бўлган бундай ҳужумлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қораланмоқда. Кўплаб давлатлар ва ташкилотлар барча томонларни тинчлик ва ҳурматга чақириб, диний объектларни ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидламоқда.
Таъкидлаш ўринлики, минтақадаги вазият мураккаб бўлиб қолмоқда ва бундай ҳодисалар тинчлик ўрнатиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Барча томонлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш орқали бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мумкинлиги айтилмоқда.













