Исроил энергетика вазири Эли Коэн Ғазо секторига электр энергияси етказиб беришни зудлик билан тўхтатишни буюрди, дея хабар берди The Times of Israel.

«Барча гаровга олинганлар қайтиб келиши учун ўзимизда мавжуд бўлган ҳамма воситаларни ишга соламиз ва ҲАМАС келаси куни Ғазода бўлмаслигини таъминлаймиз», — деди вазир.

Исроил, шунингдек, ҲАМАСнинг ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш келишувининг дастлабки босқичини узайтириш таклифини қабул қилишдан бош тортгани сабабли Ғазога товарлар киришини тўхтатаётганини эълон қилиб, «қўшимча оқибатлар» ва урушга қайтиш билан таҳдид қилди.

Ўз навбатида, ўтган ҳафта Қатар пойтахти Дохада АҚШ ва ҲАМАС вакиллари ўртасида Исроил иштирокисиз бевосита музокаралар ўтказилди. ҲАМАС етакчиларидан бири Тоҳир ан-Нуну якшанба куни ҳаракат раҳбарияти ва АҚШнинг гаровга олинганлар масалалари бўйича махсус вакили Адам Бюлер ўртасида бир неча учрашув бўлиб ўтганини тасдиқлади.

Ан-Нунунинг таъкидлашича, муҳокамаларнинг асосий мавзуси «икки фуқароликка эга бўлган маҳкумлардан бирини озод қилиш» масаласи бўлган.

Reuters хабарига кўра, у ҲАМАС «Фаластин халқи манфаатлари йўлида катта ён босиш ва ижобий ёндашув намоён этганини» таъкидлаган.

Мавзуга алоқадор