исроил Ливан жанубига авиаҳужум уюштирди
исроил ҳарбий авиацияси Ливан жанубидаги Сур шаҳрига қарашли Маруб қишлоғида автомобилга ҳаводан зарба берди. Ҳужум натижасида бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши яраланди. Бу ҳақда Ливаннинг расмий NNA агентлиги хабар берди.
Ливан армияси исроил 2024 йил 27 ноябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш битимини мунтазам равишда бузиб келаётганини маълум қилди.
Шунингдек, исроил ҳарбийлари муҳандислик техникасидан фойдаланиб, Ливан қўшинлари томонидан аввал тўсиб қўйилган бир қанча ҳудудларда янги йўллар очаётгани қайд этилган.
Ливан расмийларига кўра, 27 ноябрдан буён Исроил томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида 100 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ одам яраланган.
Шунингдек, Исроил армияси Ҳамамис, Азие, Увейде тепаликлари ва Балат тоғ каби муҳим стратегик нуқталарни ўз назоратида сақлаб қолмоқда. Ливан ҳукумати бу ҳудудларни озод қилиш талабини қўйган бўлса-да, бу талаб ҳозирча бажарилмаган.













