Исроил мудофаа вазири Исраел Кац мамлакат қўшинлари Суриянинг жанубий ҳудудларини ҳеч қачон тарк этмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у 29 январь куни баёнот берди, деб хабар беради "Ал-Арабия".

Унинг сўзларига кўра, Тел-Авив Сурияда ҳеч қандай душман кучларнинг мавжудлигига йўл қўймайди ва ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этади.

Исроил армияси Жўлон тепаликларидаги энг баланд нуқта — Шайх (Хермон) тоғини эгаллаб олган. Бу ҳудуддан Сурия-Ливан чегараси, Дамашқ атрофи ва 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган Жўлон тепаликлари кўринади. Шунингдек, Исроил қўшинлари Сурия ҳудудидаги қуролсизлантирилган минтақаларга киргани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Исроил расмийлари дастлаб бу ҳаракатларни чегара хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинчалик чора деб таърифлаган эди. Бироқ, халқаро ҳамжамият бу ҳаракатларни танқид қилиб, халқаро шартномалар бузилганини таъкидлади. АҚШ ҳам Исроилдан ўз қўшинларини чиқаришни талаб қилган.

Жаҳон ҳамжамиятининг кўпчилиги Исроилнинг Жўлон тепаликларидаги ҳаракатларини қоралади. БМТ ва бир қатор давлатлар Тел-Авивни халқаро қонунларга риоя қилишга чақирган.

Исроил-Сурия муносабатлари йиллар давомида кескин бўлиб келган. 1967 йилдаги Олти кунлик урушдан сўнг, Исроил Жўлон тепаликларини эгаллаб олган ва 1981 йилда уларни бир томонлама аннексия қилган. БМТ бу ҳаракатни қонуний деб тан олмаган.

Сурия ҳукумати ҳали расмий муносабат билдирмаган бўлса-да, Дамашқ ҳудудий яхлитликни тиклаш ниятида эканини бир неча бор таъкидлаган.

Мавзуга алоқадор