ISW: Путин Беларусни яширинча эгаллаб олмоқда
АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) Беларусдаги сўнгги сиёсий ўзгаришларни таҳлил қилиб, Россиянинг бу мамлакатни аста-секин босиб олаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилди.
Таҳлилчиларга кўра, Москва Беларусни ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан тўлиқ назоратга олишга интилмоқда. Бу эса НАТО ва минтақадаги геосиёсий вазият учун жиддий таҳдидлар туғдиради.
ISW ҳисоботига кўра, Россия Беларусда ўз таъсирини қуйидаги йўллар билан кучайтирди:
2020 йилдаги баҳсли президентлик сайловларидан кейин Беларусда оммавий намойишлар бошланди. Москва Александр Лукашенкого тарғиботчилар ва куч ишлатувчи тузилмаларни юбориш орқали намойишларни бостиришда ёрдам берди.
2021-2022 йилларда Россия Беларус ҳудудида ҳарбий машғулотлар ўтказиш баҳонасида ўз қўшинларини жойлаштирди. 2022 йилда Украинага кенг кўламли ҳужум бошланганида 30 мингга яқин рус аскари Беларус-Украина чегарасини кесиб ўтиб, Киевга ҳужум қилди.
Россия Беларусда доимий равишда ҳаво кучлари, қуролли бригадалар ва стратегик ядро қуролларини жойлаштиришни режалаштирмоқда.
ISW таҳлилчиларига кўра, Россия Беларусни тўлиқ назорат қилиш учун бир нечта йўналишда ҳаракат қилмоқда:
Иқтисодий интеграция – Беларус ва Россия ягона энергетика ва меҳнат бозорини шакллантирмоқда. Газ, электр энергияси ва ишчи кучи умумий тизимда ишлайди.
Қонунчилик ва сиёсий назорат – Кремль келажакда Беларус ва Россия учун ягона суд ва парламент ташкил этиши, қонун чиқариш ваколатига эга қўмита тузиши мумкин.
Ядро қуроли масаласи – Россия 2023-йилда Беларусда тактик ядро қуролларини жойлаштирди, бу эса халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид туғдириши мумкин.
Шунингдек, ISW ҳисоботида таъкидланишича, Беларус энди мустақил давлат эмас, балки Россиянинг узайтирилган ҳудудига айланган. Бу эса келажакда Кремлнинг Европа ва НАТОга қарши ҳаракатлари учун плацдарм бўлиши мумкин.













