Мисрлик ёшлар давлат хавфсизлик бўлими биносига бостириб киришди
Ижтимоий тармоқларда Қоҳирадаги миллий хавфсизлик хизмати биносига бир гуруҳ мисрлик ёшлар томонидан ҳужум қилингани акс этган видео тарқалди. Миср ички ишлар вазирлиги ушбу хабарларни рад этди.
Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда ушбу ҳужумда иштирок этгани айтилаётган икки йигитга тегишли деб ҳисобланган хат тарқалди.
Унда шундай дейилади:
"Агар бу хабар сизга етган бўлса, демак биз ўлдирилганмиз ёки режим кучлари томонидан йўқ қилинганмиз.
Биз ал-Масредаги (Ҳелуан туманига кирувчи маҳалла) давлат хавфсизлиги идорасининг тўртинчи қаватини назоратга олишга уриниб, маҳбусларни озод қилиш, бу ердаги куч ишлатар тизим ходимлари ҳамда уларнинг қийноқ асбобларини тасвирга олишни мақсад қилгандик.
Бу ерда даҳшатли жиноятлар амалга оширилади. Биз ҳеч қандай партия ёки гуруҳга мансуб эмасмиз. Бу халқни уйғотиш, режим билан музокара бошлаш ва Ғазодаги геноцидни тўхтатишга қаратилган уриниш эди", дейилади хатда.
Яна бир тарқалган видеода ҳужумда иштирок этгани айтилган икки шахс – Муҳсин Муҳаммад Мустафо ва унинг яқин қариндоши Аҳмад Шарифни хавфсизлик биноси ичида эканини кўриш мумкин.
Фаоллардан бири Анас Ҳабиб бу воқеага қуйидагича изоҳ берди:
"Бу йигитлар ўзларини фидо қилишди ва мисрликлар ғурурини уйғотиш, Ғазо аҳолисини қутқариш учун бор кучи билан ҳаракат қилишди. Агар биз уларни ёлғиз қолдирсак, режим уларни ўлдиришига йўл қўйсак – бу шармандалик бўлади ва биз бу ҳақда Аллоҳ олдида жавоб берамиз".













