Томас Фридман NYT нашрида АҚШ президенти Дональд Трампга қаратилган “Бу Исроил ҳукумати бизнинг иттифоқдошимиз эмас” сарлавҳали мақоласини эълон қилди.

Фридман Трампнинг келаси ҳафта Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар етакчилари билан учрашишни режалаштиргани, лекин Исроил бош вазири Нетаньяху билан учрашишни кўзда тутмаётгани “муҳим бир ҳақиқатни англай бошлаганини” кўрсатади, деди.

Фридманнинг таъкидлашича, мавжуд Исроил ҳукумати “АҚШнинг минтақадаги асосий манфаатларига таҳдид соладиган даражада” ҳаракат қилмоқда ва у “Нетаньяху бизнинг дўстимиз эмас”, дея баёнот берди.

Фридманнинг ёзишича, Нетаньяху Трампни аҳмоқ деб ҳисоблайди ва АҚШнинг ҲАМАС, Эрон ва ҳусийлар билан мустақил музокаралари орқали Трамп Нетаньяхуга “уни сотиб олиб бўлмаслигини” кўрсатган.

“Ашаддий миллатчи, миссиячи” Исроил ҳукумати АҚШнинг иттифоқдоши эмаслигига урғу қаратган Фридман ушбу ҳукуматни Исроил тарихида араб қўшнилари билан бирга яшашдан оладиган фойдани устувор деб ҳисобламаган ҳокимият сифатида таърифлади.

Фридман мавжуд Исроил ҳукумати устувор йўналиш сифатида “Ғарбий Соҳилни ишғол қилиш, Ғазодаги фаластинликларни чиқариб юбориш ва у ерда Исроил жойлашувларини қайта тиклаш”ни белгилаётганини таъкидлаб шундай ёзди:

“Чунки Нетаньяху ҳукумати тажовузкор кун тартиби асосида бизнинг манфаатларимизга зарар етказмоқда. Нетаньяхунинг олдинги АҚШ президентлари билан қилганидек, сизга ҳам босим ўтказишига йўл қўймаслигингиз сиз учун фахр манбаи ҳисобланади. Сиздан аввалги президентлар минтақага қурган АҚШ хавфсизлик тизимини ҳимоя қилиш ҳам жуда муҳимдир”.

АҚШ-Араб-Исроил иттифоқи АҚШ манфаатларига хизмат қилади

Фридманнинг таъкидлашича, мавжуд АҚШ-Араб-Исроил иттифоқи тузилиши 1973 йили собиқ президент Ричард Никсон ва собиқ давлат котиби Генри Киссинжер томонидан Россияни минтақадан чиқариб юбориш ва АҚШни минтақада ҳукмрон глобал кучга айлантириш мақсадида яратилган.

Ушбу тузилма ўша пайтдан буён АҚШнинг геосиёсий ва иқтисодий манфаатларига хизмат қилиб келаётганини таъкидлаган Фридман бу иттифоқ катта даражада АҚШ ва Исроилнинг икки давлатли ечимга содиқ қолишига асосланганини қайд этган.

“Сиз ҳам биринчи президентлик даврингизда Ғазо ва Ғарбий Соҳилда Фаластин давлати барпо этилишини назарда тутган режангиз билан буни илгари суришга ҳаракат қилгансиз. Албатта, бу режа фаластинликлар Исроилни тан олиши ва ташкил этиладиган давлатнинг қуролсиз бўлиши шартига боғланган эди”, дея ёзади Фридман. Унинг таъкидлашича, ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумигача Нетаньяху ҳукумати “минтақадаги АҚШ хавфсизлик ва тинчлик тизими ўрнига Ғарбий Соҳилни ишғол қилишни устувор деб билган”.

«Нетаньяху ўз манфаатларини Исроил ва АҚШ манфаатларидан устун қўйди»

Фридман собиқ президент Жо Байден маъмурияти бир йил давомида Эронга қарши мувозанатни сақлаш орқали Хитойни минтақадан узоқлаштириш ва АҚШ – Саудия Арабистони хавфсизлик келишувининг Конгрессдан ўтишига замин яратиш мақсадида Фаластин маъмурияти билан икки давлатли ечим бўйича мулоқотни бошлашни хоҳлаганини қайд этди.

Фридманнинг ёзишича, Нетаньяху бу таклифни “ҳукуматдаги яҳудий устунлик тарафдорлари ҳукуматни ағдариш билан таҳдид қилгани учун” рад этган. Унга кўра, “бир нечта коррупция айбловлари билан судланётган Нетаньяху бош вазирлик мақомини йўқотмаслиги керак эди. Бу мақом унга ҳам суд жараёнини чўзиш, ҳам эҳтимолий қамоқ жазосидан қочиш имконини берган”.

Фридман Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида Фаластинликлар билан икки давлатли ечимга асосланган муносабатларни нормаллаштириш “бошқа мусулмон мамлакатлар учун ҳам Исроиллик сайёҳлар ва инвесторларга эшик очишини, яҳудийлар билан мусулмонлар орасидаги глобал тарангликни камайтиришини ва АҚШнинг минтақадаги ютуқларини мустаҳкамлашини” таъкидлаб, “Нетаньяху ўз манфаатларини Исроил ва АҚШ манфаатларидан устун қўйди”, дея хулоса қилди.

Фридманнинг таъкидлашича, “Нетаньяху икки йил давомида ҳаммани чалғитиб юрди” ва энди томонлар Исроилнинг бу келишувга қўшилишини кутмаяпти.

Унинг таъкидлашича, “Нетаньяху Ғазога яна киришга тайёрланмоқда ва фаластин халқини бир томони Миср, иккинчи томони Ўрта ер денгизи билан ўралган тор ҳудудга сиқиб қўйишни режалаштирмоқда”. Бу қадам Исроилга нисбатан “янги уруш жиноятлари” айбловларини келтириб чиқариши ва Нетаньяху “АҚШ маъмурияти уни ҳимоя қилиши”ни кутаётган бўлиши мумкинлигини қайд этди.

«Нетаньяхунинг Ғазони қайта босиб олиш режаси Исроилнинг доимий ҳарбий ишғолини кўзлайди»

Фридман: “Ҳамас раҳбарияти асирларни озод қилиши ва Ғазодан анча олдин чекиниши керак эди. Шунда Исроилнинг урушни давом эттириш баҳонаси қолмас эди”, деди.

Фридманнинг иддаосига кўра, “Нетаньяхунинг Ғазони қайта ишғол қилиш режаси ҲАМАСга қарши мойил альтернатив тузиш эмас, балки доимий Исроил ҳарбий ҳузурини таъминлаш ва барча фаластинликларга босим ўтказиб минтақадан чиқариб юборишни кўзлайди”. У бу вазият “Ўрта ер денгизи соҳилидаги Вьетнамга” айланиши мумкинлигини айтди.

Исроилнинг ашаддий ўнг қанот молия вазири Бецалел Смотриш 5 майда қилган баёнотида “Ғазони доимий ишғол қилиш” ғоясини тилга олгани ва бу орқали маҳаллий аҳоли “Ғазо секторининг тўртдан бир қисмидан ҳам кичикроқ ҳудудга сиқиб қўйилишини” таъкидлади.

Фридман, шунингдек, исроиллик ҳарбий таҳлилчи Амос Харелнинг таҳлилига ишора қилиб, “Исроил армияси аскарлар йўқотилишини минималлаштириш учун янада тажовузкор куч ишлатишни режалаштираётганини, бу эса Ғазодаги фуқаролик инфратузилмасининг катта қисми йўқ қилинишига олиб келиши мумкинлигини” таъкидлади.

Харелга кўра, бундай стратегия фуқароларни мажбуран инсонпарварлик лагерларига жойлаштириш, озиқ-овқат ва дори-дармон танқислиги, янги оммавий фуқаро ўлимларини келтириб чиқариши мумкин. Бу эса “кўпроқ исроиллик сиёсий ва ҳарбий етакчиларнинг халқаро ҳуқуқ олдида шахсий жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин”.

Фридман бу ёндашув фақат Исроил учун эмас, АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари учун ҳам “жиддий оқибатлар” келтириб чиқаришини қайд этиб, Иордания ва Миср Нетаньяху фаластинликларни Ғазо ва Ғарбий Соҳилдан ҳайдаб, ушбу икки давлатга юборишга уриняпти, деб хавотир билдиради.

Фридман “фаластинликлар умидларининг бутунлай йўқолиши минтақадаги АҚШ-Араб-Исроил хавфсизлик интеграциясини кенгайтириш истагини пасайтиради”, деб ҳисоблайди ва бу ҳолат Эрон ва Хитойга қарши узоқ муддатли стратегик устунликлар беради, деган баҳони келтиради.

Фридман: “Жаноб президент, Яқин Шарқ бўйича яхши ва мустақил инстинктларингиз бор, уларга амал қилинг. Акс ҳолда, мана бу аччиқ ҳақиқатга тайёр бўлинг: набираларингиз яҳудий давлати бефарқ ва четлатилган давлат сифатида қараладиган дунёда вояга етадиган биринчи авлод бўлади”, деди.

Фридман 7 май санасидаги Haaretz газетаси хабарига таянадиган мақоласида шундай ёзади:

«Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 52 мингдан ошиб кетди, шулардан 18 минг нафари болалар. Биз бу рақамларни эътиборсиз қолдиришда давом этишимиз, уларнинг ишончлилигини шубҳа остига олишимиз, босим, инкор, бефарқлик, масофа сақлаш, нормаллаштириш ва қонунийлаштиришнинг барча механизмларини ишга солишимиз мумкин. Лекин буларнинг ҳеч бири аламли ҳақиқатни ўзгартирмайди: уларни Исроил ўлдирди. Буни бизнинг қўлларимиз қилди. Биз кўзларимизни юмишни бас қилишимиз керак. Уйғониш ва баланд овоз билан баён қилиш вақти келди: Урушни тўхтатинг».

Мавзуга алоқадор