Покистонда шиалар кетаётган автокарвонга ҳужум: 38 қурбон
Покистон шимоли-ғарбида жангарилар шиалар кетаётган автомобиль карвонига ҳужум уюштириши оқибатида камида 38 киши, жумладан, олти аёл ҳалок бўлди. Яна 20 киши жароҳатланган. Бу сўнгги йилларда минтақада содир бўлган энг қонли ҳужумлардан бири, дея хабар беради ArbatMedia.
Ҳужум сўнгги ойларда суннийлар ва шиалар ўртасидаги мазҳаблараро тўқнашувларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган Ҳайбер-Пахтунхва вилоятининг Куррам туманида содир бўлди. Ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Ҳодиса тўқнашувлар туфайли бир неча ҳафта давомида ёпиқ турган минтақадаги муҳим магистрал қайта очилганидан бир ҳафта ўтиб содир бўлди, деб ёзади Associated Press.
Бир неча машинадан иборат карвон Парачинар шаҳридан Хайбер-Пахтунхва вилояти маркази Пешоварга кетаётганида жангарилар ўт очган, деди маҳаллий полиция матбуот котиби Азмат Али. Унинг айтишича, камида 10 нафар йўловчи касалхонада бўлиб, оғир аҳволда.
Ички ишлар вазири Моҳсин Нақвининг билдиришича, теракт оқибатида камида 38 киши ҳалок бўлган. Бош вазир Шеҳбаз Шариф ва президент Осиф Али Зардорий ҳужумни қоралади. Шариф тинч аҳолини ўлдирганлар жазоланишини маълум қилди.
Маҳаллий шиа етакчиси Бақир Ҳайдерий ҳужумни қоралаб, қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтди. У маҳаллий ҳукуматни яқинда Куррамда шиаларга таҳдид қилган жангарилар 100 дан зиёд автомобилдан иборат карвонга ҳужум уюштириши мумкинлигини билган ҳолда хавфсизлик чораларини кўрмаганликда айблади. Ҳужумга норозилик билдириш учун Парачинардаги дўкон сотувчилари жума куни иш ташлашди.
Ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда ҳужум содир этилган тунда Лива ал-Зейнабийюн ёлланма аскарлари бошчилигидаги қуролланган шиалардан иборат оломон Баган шаҳрига ҳужум қилгани, маҳаллий сунний дўконлари, ёқилғи қуйиш шохобчаси ва маъмурий биноларга ўт қўйгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Босқинчилар орасида Эрон ёлланма аскарлари қўмондони Теҳрон Тори ҳам кўринган.
Шундан сўнг сунний қабилалар шиаларга қарши жанг қилиш учун қўшин тўплай бошлаган. Хабар қилинишича, тўқнашувлар тун бўйи туманнинг катта қисмларида давом этган. Маҳаллий ОАВ армия ва полициянинг бўлаётган воқеалар фонида ҳаракатсизлигидан норози.
Шиалар Покистоннинг асосан суннийлардан иборат 240 миллионлик аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил қилади. Мамлакатда узоқ вақтдан бери мазҳаблараро низолар давом этиб келмоқда. Шиа ва суннийлар асосан тинч-тотув яшаётган бўлсалар-да, айрим ҳудудларда, хусусан, шиалар аҳолининг кўпчилигини ташкил этувчи Куррам вилоятида ўнлаб йиллар давомида кескинлик сақланиб қолмоқда. Июль ойида Куррамда суннийлар ва шиалар ўртасидаги тўқнашувларда ҳар икки томондан 50 га яқин одам ҳалок бўлган эди.
Покистон Инсон ҳуқуқлари комиссияси (HRCP) маълумотларига кўра, июлдан октябргача тоғли ҳудудда шиа ва сунний қабилалар ўртасида содир бўлган қуролли тўқнашувларда 79 киши ҳалок бўлган.













