Покистон шимоли-ғарбида мазҳаблараро ва қабилавий тўқнашувлар натижасида уч кун ичида 82 киши ҳалок бўлди, 156 киши жароҳат олди, деб хабар берди АFP.  

“Ўлдирилганларнинг 16 нафари сунний мусулмонлар, 66 нафари шиалар”, - дея маълум қилди якшанба куни Хайбар-Пахтунква вилоятидаги Куррам тумани маъмурияти.  

240 миллионлик Покистон аҳолисининг аксарияти сунний мусулмонлар, бироқ мамлакатнинг Афғонистон билан чегарадош шимоли-ғарбий ҳудудларида катта шиа жамоаси яшайди. Ўн йил давомида бу минтақада динлараро тўқнашувлар тез-тез содир бўлиб келмоқда.

Ўтган пайшанба куни полиция ҳимоясидаги шиа зиёратчилар кетаётган автокарвонга номаълум жиноятчилар томонидан ҳужум қилиниши оқибатида 43 киши ҳалок бўлган эди. Маҳаллий аҳоли ҳукуматнинг кўплаб ваъдаларига қарамай, армия ва полиция минтақада хавфсизликни ўрнатолмаганидан ғазабда.  

“Бугунги кундаги устувор вазифамиз урушаётган томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатишдир. Агар бунга эришилса, биз можаро сабабларини аниқлаб, улар устида ишлай оламиз”, деди якшанба куни минтақа адлия вазири Афтаб Алам Афридий.

Мавзуга алоқадор