Суриянинг Лаззоқия вилоятидаги Хмеймим авиабазасида Россия ҳарбийлари ва техникалари фаоллиги ошган. OSINT таҳлилчилари базада чамадонли одамларнинг самолётга чиқишга ҳозирланаётганини ва 91Н6Е радар мажмуасининг жўнатиш учун тайёрланганини қайд этди.

Шунингдек, сунъий йўлдош тасвирлари 13 декабрь куни базада рекорд даражадаги самолётлар, жумладан, Ан-124 «Руслан» юк ташувчи самолётларининг борлигини кўрсатган.

Суриядаги С-300 ва С-400 ракета тизимлари базаларда сақланмоқда, аммо улар жанговар ҳолатда эмас. Бу техникаларнинг олиб чиқилмагани Россиянинг Суриядаги мавқеини сақлаб қолиш ниятидан далолат беради.

13 декабрда Тартус ҳарбий-денгиз базасида рус фрегатлари мавжуд эмаслиги қайд этилган. Бу ҳам Россия техникасини олиб чиқиш жараёнининг яна бир белгиси сифатида баҳоланмоқда.

Таъкидланишича, Россия Сурия мухолифати билан ҳарбий базалар ва дипломатик муассасалар хавфсизлигини кафолатлаш бўйича келишувга эришган. Кремлга яқин манбаларнинг маълум қилишича, исёнчилар Россия базаларининг фаолиятига халақит бермасликка ваъда берган. Лаззоқия ва Тартус ҳудудлари тўлиқ мухолифат назоратида бўлса ҳам, улар Россия объектларига тажовуз қилмаган.

Экспертлар Россиянинг ҳарбий техникани олиб чиқиш қарорини бир қатор омиллар билан боғлашмоқда:

- Украинадаги урушнинг узоқ давом этиши натижасида ресурсларни бошқа фронтларга йўналтириш зарурати;

- Суриядаги вазиятнинг маълум даражада барқарорлашгани ва Россия ҳарбий қўшинларининг иштирокини қисқартириш эҳтиёжи;

- Сурия мухолифати билан хавфсизлик бўйича келишувга эришилгани шулар жумласидандир.

Россиянинг Суриядан техника олиб чиқиш жараёни мамлакат ташқи сиёсатининг ўзгариши ва Украинадаги вазиятга бўлган таъсирини янада чуқурлаштириш эҳтимолидан далолат беради.

Мавзуга алоқадор