Россиядаги яна бир ўзбеклар жамияти тугатиляпти
Россиянинг Курган вилоятида фаолият юритаётган ва ўзбекистонлик муҳожирлар манфаатларини ҳимоя қилиб келган “Курган—Ўзбекистон Дўстлик Жамияти” ёпилиши мумкин. Бу ҳақда URA нашри маълум қилди.
Манбага кўра, ташкилот асосчиси ва раҳбари Отабек Мақуловга нисбатан Ўзбекистонда жиноят ишлари қўзғатилган. У одам ўғирлаш ва товламачиликда гумон қилинмоқда. Шу боис, Ўзбекистон томони унинг депортациясини талаб қилмоқда.
Айни пайтда ташкилот фаолияти тўхтаган. Мутахассислар эса, у ҳам “Тошкент” ва “Замондош” диаспоралари сингари тугатилиши мумкин, деган фикрда.
Маълумот учун, ушбу жамият 2023 йилнинг ёзида ташкил этилган эди.













