Суданда маҳаллий бозорга уюштирилган ҳаво ҳужумида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Ҳужум Ал-Фашердан 180 км узоқликда содир бўлган. Бозорга ташланган бомба маҳаллий аҳоли маҳсулот харид қилаётган пайтда портлаган. Ҳуқуқшунослар ташкилоти ҳодисани инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши сифатида баҳолади.
Вилоят марказидаги биринчи ҳалокатли ҳодиса бу эмас: 26 ноябрь куни ҳарбий вертолётнинг қулашидан 6 нафар тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлган.
Суданда давом этаётган фуқаролар уруши икки асосий куч – армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида кечмоқда. Ҳар икки томон тинч аҳолига қарши ҳужумлар уюштиришда айбланмоқда. 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. 11 миллион киши қочқинга айланган.
Қочқинлар лагеридаги аҳвол, айниқса, Дарфурдаги ЗамЗам лагерида, оғир бўлиб қолмоқда. У ерда озиқ-овқат, сув ва бошқа асосий эҳтиёжлар етишмаслиги сабаб аҳоли очликдан азият чекмоқда.
Судан можароси глобал даражадаги энг йирик гуманитар инқирозга айланди. Халқаро ташкилотлар тинч аҳолига қарши ҳужумларни тўхтатиш ва қочқинларга ёрдам кўрсатиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирмоқда. Дарфурдаги ҳодисалар можаронинг янада кучайишига ишора қилмоқда.













