Трамп трансгендер спортчиларга аёллар спортида қатнашишни тақиқлади
2025 йил 5 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп федерал маблағ олувчи таълим муассасаларида трансгендер аёлларнинг аёллар спорт мусобақаларида иштирок этишини тақиқловчи фармонни имзолади.
Трамп фармонни имзолаш маросимида шундай деди: "Бундан буён аёллар спорти фақат аёллар учун бўлади. Биз аёл спортчиларни адолатсиз рақобатдан ҳимоя қиламиз."
Янги қоидаларга кўра, агар мактаб ёки университет трансгендер спортчиларни аёллар жамоаларида иштирок этишига йўл қўйса, у федерал маблағлардан маҳрум бўлиши мумкин. Шунингдек, трансгендер спортчиларга аёллар кийиниш хоналарига кириш тақиқланади.
Трансгендер спортчиларнинг иштироки масаласи АҚШда жадал муҳокама қилинаётган мавзулардан бири. Баҳс 2022 йилда трансгендер сузувчи Лия Томас аёллар мусобақасида ғолиб чиққанидан сўнг янада авж олган. Танқидчилар биологик эркакларнинг аёллар спортида устунликка эга эканини таъкидламоқда.
Оқ уй Миллий олимпия қўмитасидан ҳам ушбу қоидаларни қўллашни талаб қилмоқда, бу эса АҚШнинг олимпия тизимига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Трампнинг бу қарори кескин танқидларга сабаб бўлди. Трансгендер ҳуқуқлари фаоллари ва демократлар фармонни камситиш деб баҳолаб, уни судга беришини маълум қилди.
Президент Трампнинг олдинги баҳсли фармойишлари каби, бу қарор ҳам суд муҳокамаларига сабаб бўлиши мумкин.
Трансгендер спортчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар фармонга қарши ҳуқуқий чоралар кўришга тайёрланаётганини билдирмоқда.













