АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон томонидан Доҳада ХАМАС билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилаётган бир пайтда ҳаракатга қарши очиқ таҳдидлар йўллади.

Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҲАМАСдан барча исроиллик асирларни зудлик билан озод қилиш ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини топширишни талаб қилди: «Ёки ҳаммасини йўқотасиз».

Трамп фақат ҲАМАСга таҳдид қилиш билан чекланмади, балки Ғазо сектори аҳолисини ҳам огоҳлантирди. Шу тариқа, у агар Вашингтон талаблари бажарилмаса, оддий фаластинликлар жамоавий жазога дучор бўлишини очиқ-ойдин кўрсатиб қўйди.

«Ғазо аҳолиси: сизни ажойиб келажак кутмоқда, аммо агар гаровга олинганларни ушлаб турсангиз, бу рўй бермайди. Агар шундай қилсангиз — ҳалок бўласиз! Оқилона қарор қабул қилинг. Гаровдагиларни ҳозироқ озод қилинг, акс ҳолда кейин жуда оғир товон тўлашингизга тўғри келади!» — дея огоҳлантирди АҚШ раҳбари.

19 январдан бошлаб Ғазо секторида ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишув доирасида ўт очишни тўхтатиш режими амал қилмоқда. Ҳужжат исроиллик ҳарбий асирларни фаластинлик сиёсий маҳбусларга алмаштириш, Ғазо секторини тиклаш, Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш, анклавга гуманитар ёрдам, ёнғиндан ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ёрдамлар етказиб беришни назарда тутади. Бироқ Исроил томони келишувни бажаришни саботаж қилмоқда.

15 ойдан бери давом этаётган Ғазо урушида 46 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди. Исроил эса ўз ҳудудида тахминан 1,5 минг нафар ўлганлар борлигини ҳисоблаган.

Мавзуга алоқадор