28 август – Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш учун рўза ва дуо куни
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон Ислом уламолари 28 август, пайшанба кунини Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш учун рўза тутиш ва дуо куни, деб эълон қилишди. Уммат уламолар билан биргаликда рўза тутишга ва мазлум биродарлари ҳаққига дуо қилишга чорланди.
"Бугун мусулмонлар нафақат замонавий, балки бутун инсоният тарихи кўрмаган энг улкан фожеалардан бирига дуч келди. Икки ярим миллиондан зиёд одам Ғазода тотал геноцидга дучор этилмоқда. Улар ҳалокатли қуроллар билан ўлдирилмоқда, очлик ва ташналикка маҳкум этилмоқда. Касаллик ва қийинчиликлар қаршисида ёлғиз қолдирилмоқда. Бундан ҳам оғири – бу қатағон йигирма икки ойдан бери тўхтовсиз давом этяпти!
Тарихда илк бор, бутун дунё кўз ўнгида, сионист-террорист ҳукумат очиқдан-очиқ эълон қилинган режаси асосида бутун бир халқни қиряпти. Масжид, шифохона, мактабдан тортиб уйлар ва лагерларгача вайрон қилинди; ҳаёт учун зарур бўлган барча йўллар бузилди; инсоний ҳаётнинг барча излари йўқ қилинди. Ғазо ҳаёт маконидан ўлим маконига айлантирилди.
Бу жиноятлар фақат Ғазо билан чегараланмайди. Бутун дунё кўз ўнгида улар "Ваъда қилинган замин: Буюк исроил" деб аталган ёлғон лойиҳа доирасида янада кўпроқ мусулмон заминини эгаллашини очиқ айтишмоқда. Улар минтақанинг мусулмон мамлакатларига, айниқса Урдун ва Мисрга таҳдид қилмоқда. Шу билан бирга, пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Исро ва Меърож кечасида кўтарилган илк қибламиз – Масжидул Ақсони бузиш арафасида; унинг ўрнида ўзлари учун "ибодатхона" қурмоқчи", дейилади уламолар баёнотида.













