ДХХ Ўзбекистонда 400 дан зиёд оғир жиноятларга мойил шахсларни аниқлади
Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан 27–31 январь кунлари кенг кўламли «Антитеррор-тозалаш» тадбирлари ўтказилди. ДХХ матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб 946 та махсус операция амалга оширилди.
Тадбирлар натижасида:
- 418 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди,
- 169 нафар шахс қамоққа олинди,
- 42 та жиноий гуруҳ фош этилди,
- Қидирувда бўлган 109 нафар шахс ушланди.
Шунингдек, 399 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, шундан 270 нафари маъмурий қамоққа олинган.
Тадбирлар давомида 80 та қурол-аслаҳа, 30 кг 337 гр наркотик модда, 4521 та кучли таъсир этувчи дори воситаси, 186 та пичоқ, 22 та бита, 17 та кастет ва бошқа тақиқланган буюмлар мусодара қилинган.
Қўшимча равишда, 536 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 402 нафари расмий огоҳлантирилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу тадбирлар жиноятчиликка қарши кураш ва мамлакатда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилганини таъкидлади.













