Россияда ишлаётган Файзулло Мухторов “Azon Global“ га мурожаат билан чиқиб, Фарғонада яқинлари Фаластин байроғи учун тазйиқ қилинганини маълум қилди.
“Агрессор Исроил Фаластин ерини тортиб олди, Ўзбекистон кучишлатар ходимлари фаластин байроғини”, деб ёзди Файзулло.

ххх

Инсонлар ўз туйғулари, қарашлари ва позицияларини рамзлар орқали ҳам ифода қилади. Кимдир ўзи мухлислик қилган футбол жамоасининг кийимини олиб кийса, кимдир уйига ўзи қўллашни истаган давлат байроғини илади.  Бу кўринишларга айниқса, хорижда гувоҳ бўласиз. Ўзбекистонда эса ўз давлати байроғини хонадонларга илишга 2023 йилда рухсат берилган

Бошқа давлат байроқларининг Ўзбекистонда қўлланилиши турли акцияларда кузатилади. 
Масалан, шу йил феврал ойида “Huawei” компанияси ишчиларининг Тошкентдаги югуриш акциясида ёки аҳоли вакилларининг 9 май куни пойтахт кўчаларда турли байроқларни кўтариб юришларида кўриш мумкин. 

Бу ҳаракатларни ИИВ қонуний, дея шарҳлаган. Аммо фарғоналик Файзулло Мухторовнинг почта орқали уйига юборган фаластин байроғи ИИБ томонидан олиб қўйилган.

Биз Файзулло Мухторов билан боғланиб, воқеа тафсилотини ўргандик.
“5 ёшли ўғлимга ҳарбий кийим совға қилишган. Унга Хитойнинг байроғи туширилган экан. Шу менга ёқмади. Кейин Wildberries онлайн савдо тармоғи орқали Фаластин байроғи туширилган кичик бир шевронни олдим. Кийимдаги Хитой байроғининг ўрнига ёпиштириб қўйишларини мўлжаллагандим. Қарасам, сайтда Фаластиннинг катта байроғи ҳам турибди экан. Менга қизиқ бўлди, униям буюртма қилдим”. 

Файзулло Мухторовнинг буюртмаси Фарғонага етиб боргач, кутилмаган воқеа юз берганини айтади. 

“Эрталаб соат 10 да укам жўнатмамни олиш учун Wildberries шахобчасига борган. У ерда буюртмани бермасдан ушлаб қолишган. Укам: “Ака, буюртмангизни бермаяпти. Ҳавфли нарса экан”, деб қўнғироқ қилди.  Мен “Ўзбекистон 1992 йилда Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олган. Байроқнинг ҳеч бир ҳавфли жойи йўқ”, дедим.

Wildberries ишчиси бизга буюртмани олиб кета олмаслигимиз, ички ишлар ходимлари келишини кутишимизни айтди. Унга буюртмани бекор қилиб, ортга қайтариб юборишини айтдим. Ишчи рад қилди.

Орадан 10 дақиқа ўтмасдан, Ички ишлар бошқармасининг Терроризмга қарши кураш бўлимидан (исм-насаби эсимда йўқ, лейтенант эди) келишиб, укамни олиб кетишган”.

Файзулло Мухторов укаси буюртмани олгани борган вақтдаги айрим жараёнларига эътибор қаратди.

“Укам “Мен байроқни ҳали қўлимга ушламадим. Буюртмани пакетга солди-да, буни бериб бўлмайди, деган гаплар билан вақтни чўзишга ҳаракат қилди. 5 дақиқани ичида ходимлар етиб келди”, деди. 

Шу 5 дақиқа ичида мен ҳам гаплашдим. “Ака, нима қилаяпсиз? Сизга ўхшаганларни деб Ўзбекистон 70 йил мустамлака бўлган. Бунақа қилманг. Хитой ёки Россияни байроғи бўлса, ҳеч нима демайсизлар. Ўзимизнинг мусулмон ва мустақил деб тан олган давлат”, дедим.

Ишчи “буюртмангизни текширишингиз мумкин, лекин қайтариб жўната олмаймиз”, деди”.

Файзуллога кўра, Wildberries шахобчасига келган Ички ишлар ходимлари укасини маҳкамага олиб кетишган.     
                                   
“Укам 5 киши кириб савол берилишни бошлади, деди. Ундан нима иш қиласан, гуруҳларга алоқадормисан, намойиш қилмоқчимисизлар, дея сўроқ қилишган. Телефонларини роса титишган. “Телеграм”ига кириб, нималарни юклаганини текширган. Озроқ босим қилишган.  

Дадам Ички ишлар собиқ ходими, ҳозирда нафақада. Бориб суриштирганлар. Кейин қўйиб юборишган. Ҳали тугамади, яна чақирамиз, дейишибди. Байроқларни беришмаган, шевронни ҳам олиб қолишган”.

Файзулло Мухторов бу вазиятни шундай қолдирмоқчи эмас. “Wildberriesнинг офисига ҳам қўнғироқ қилдим, алоқага чиқишди. 

“Нега ишчиларинг нарсанинг ичида нима борлигини кўраяпти? Одам буюртмани қабул қилдим деганидан кейин ёпиши керак. Ҳали эгасига топширмай туриб буюртма топширилди, деб ҳисобимдан пул ечилаяпти”, дедим. 

Банк картам улангани учун телефонимга “маҳсулотни баҳоланг, пул ечилди” деган хабарлар келди. Укамдан олганлигини сўрасам, “йўқ, ҳали олмадим”, деди. Wildberriesни судга бермоқчиман”, дейди Файзулло.

Файзулло сотиб олган байроқ ва шеврон қайтариб бериладими-йўқми, ҳозирча номаълум.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ғазо секторидаги вазият бўйича ўз позициясини билдирган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдамлиги ва унинг қабул қилинган резолюцияларга мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган

Ўтган йилнинг декабрида эса президент Мирзиёев ташаббуси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси келишилган ҳолда 100 нафар фаластинлик жабрланган болалар ва аёллар, ҳамда уларнинг ҳамроҳларини Ўзбекистонга эвакуация қилиш ишларини амалга оширган

Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Ўзбекистонда даволанаётган фаластинлик болалар билан учрашиб, Президент саломи ва совға саломлар етказганини маълум қилди.

“Жафокаш Фаластин халқига тинчлик ва фаровонлик тилаймиз», деб ёзди Саида Мирзиёева Телеграмдаги расмий каналида.

Президент Шавкат Мирзиёев Ғазо можароларига яна диққат қаратиб, Ғарб давлатларининг Фаластин фожиасига муносабати қаттиқ хавотирга солаётганини таъкидлаган.

 «Амалда иккиёқлама стандартлар кузатилмоқда. Демократия ва инсон ҳуқуқларини кенг тарғиб қилган давлатлар бу қотилликларга кўз юммоқда», — деган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун 1,5 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.

Ўзбекистоннинг Фаластинга бирдамлиги позициясига таяниб, фарзандига ҳадя юборган муҳожир йигит бугун иккиланиб қолган: Ўзбекистон ўзи кимнинг тарафида?!

Мавзуга алоқадор