Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШда ноқонуний бўлиб турган фуқароларни ватанга хавфсиз депортация қилишда Америка тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, дея маълумқилди ТИВ матбуот котиби Ахрор Бурханов.

Унинг таъкидлашича, икки томонлама келишувларга асосан, АҚШ депортация қилинадиган ўзбекистонликларнинг ҳар бир ҳолати ҳақида тезкорлик билан хабардор қилади. Фуқаролар эса, ўрнатилган амалиётга мувофиқ, ватанга Нью Йорк-Тошкент йўналиши орқали қайтади.

ТИВ, шунингдек, сўнгги кунларда ОАВда эълон қилинган Ўзбекистон фуқароларининг АҚШдан Лотин Америкаси давлатларига, хусусан, Панама ва Коста Рикага депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Дипломатик ваколатхоналаримиз Америка томонига ўзбекистонликларнинг бошқа давлатларга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида маълумот беришни сўраб мурожаат қилди, деб ёзди Бурханов.

Унинг қўшимча қилишича, бу борада Лотин Америкаси давлатлари билан ҳам дипломатик каналлар орқали алоқалар ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 февраль куни АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 200 нафар муҳожир (Марказий Осиё ва Ҳиндистон фуқаролари) Коста Рикага жўнатилганди. Коста Рика ҳукумати жараён тўлиқ АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилиши ва БМТ ҳузуридаги Халқаро миграция ташкилоти назорати остида амалга оширилишини маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда АҚШ ноқонуний муҳожирларни қўл-оёқларини кишанлаган ҳолда самолётларга чиқараётгани акс этган видеолар тарқалганди.

Мавзуга алоқадор