Орол денгизининг Қозоғистон қисмида сув ҳажми 42 фоизга ошди
Орол денгизининг шимолий қисмида сув ҳажми сезиларли даражада ошди. Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги маълумотига кўра, Орол денгизини сақлаб қолиш лойиҳасининг биринчи босқичи якунлари сув ҳажмини 42 фоизга кўпайишига олиб келди.
Ҳозирги вақтда денгиздаги сув ҳажми 27 миллиард куб метрни ташкил этмоқда. Шунингдек, сувнинг шўрланиши қарийб тўрт бараварга камайган, балиқ овлаш ҳажми эса йиллик 8 минг тоннага етган.
2024 йил давомида вазирлик Орол денгизига 2,6 миллиард куб метр сув етказган бўлиб, бу Сирдарё сувини самарали тақсимлаш ва тежаш натижасида амалга оширилган. Суғориш даврида рекорд даражадаги 1 миллиард куб метр сув етказиб берилган. 2022 йилда эса бу кўрсаткич атиги 816 миллион куб метрни ташкил этган.
Сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржон Нуржигитов ушбу натижаларни сўнгги икки йил давомида амалга оширилган тизимли ишлар самараси сифатида баҳолади. У қўшни давлатлар билан трансчегаравий сув ресурсларини тежаш ва адолатли тақсимлаш бўйича келишувлар самарали натижалар берганини таъкидлаб ўтди.
Орол денгизини тиклаш лойиҳасининг асосий мақсади экологик вазиятни яхшилаш, балиқчилик ва туризмни ривожлантириш, шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишдир.
2024 йил октябрь ойида ҳам денгиздаги сув ҳажми 22 миллиард куб метрга етгани ҳақида хабар қилинганди.













