Озарбайжон 13 йилдан сўнг Суриядаги элчихонасини қайта очди
Озарбайжон 13 йиллик танаффусдан сўнг Дамашқдаги элчихонаси фаолиятини тиклади. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, деб хабар бермоқда “Репорт” нашри.
Маълумотларга кўра, элчихонанинг вақтинчалик ишлар вакили аллақачон Сурия пойтахтига етиб бориб, расмий вазифаларини бажаришга киришган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида баҳолаган.
Расмий баёнотда таъкидланишича, мазкур қадам сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда шерикликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади. Шунингдек, Боку халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланган ҳолда, Сурияда барқарор тинчлик ва осойишталик ўрнатилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг, давлатлар Суриядаги дипломатик ваколатхоналарини қайта очишни бошлади. Жумладан, Франция 2024 йил декабрь ойида ўз элчихонаси фаолиятини тиклади.













