Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Арка-2 қишлоғида 5 январь куни номаълум маиший қурилманинг портлаши оқибатида бир аёл ва унинг 12 ёшли қизи жароҳат олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таяниб, “24.kg” хабар берди.

Маълумотга кўра, аёл уйдаги эски қурилиш материаллари ва темир-терсаклар сақланадиган жойни тозалаётганда снарядга ўхшаш портловчи буюм портлаган.

“Воқеа жойи дарҳол ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўраб олинди. Ҳозирда ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш учун суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Портлаш оқибатида жароҳат олган аёл ва унинг қизи шифохонага ётқизилди. Ҳар икки жабрланувчининг аҳволи яхши.

Шу куни Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари учрашиб, ҳодиса ҳақида расмий маълумот алмашишган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара муаммолари узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган бўлса-да, яқинда икки давлат ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда чегара муаммоларини ҳал этишга эришган эди.

Мавзуга алоқадор