Қирғизистонда “Кемин Сити” номли янги экологик шаҳар барпо этилади
Қирғизистон ҳукумати мамлакатда экологик тоза ва замонавий шаҳар барпо этишга қарор қилди. Республика президенти Садир Жапаров бу борадаги тегишли фармонни имзолади, деб хабар беради РИА Новости.
Лойиҳа Чуй вилоятининг Кемин туманида амалга оширилади ва янги шаҳар "Кемин Сити" деб номланади. Президент қарорига мувофиқ, давлат идоралари ёз фасли бошлангунига қадар 350 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган ҳолда шаҳар концепциясини тайёрлаши керак.
Маълумотларга кўра, “Кемин Сити” экологик тоза ва энергия тежамкор технологиялар асосида қурилади. Лойиҳа доирасида яшил энергетика, замонавий инфратузилма ва инновацион транспорт тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Янги шаҳарнинг қурилиши Қирғизистон иқтисодиётига ва шаҳарсозлик ривожига муҳим таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Ҳукумат янги шаҳар нафақат маҳаллий аҳоли, балки инвесторлар ва сайёҳлар учун ҳам жозибадор бўлишини таъкидламоқда.
Сўнгги йилларда Қирғизистон ҳукумати шаҳарсозлик ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Кемин Сити” лойиҳаси бу йўналишдаги энг катта ташаббуслардан бири бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати ҳаво ифлосланиши ва тирбандлик муаммоларини ҳал қилиш мақсадида пойтахтни Иссиқкўл вилоятига кўчириш таклифини илгари сурганди.













