Қирғизистонда ниқоб масаласи кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Қирғизистон милицияси кўча-кўйларда ниқоб кийган аёллар билан профилактик суҳбат олиб бораётгани акс этган видеолар тарқалганди. Ушбу видеолавҳа интернет фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Қирғизистон президенти Садир Жапаров бундай рейдларнинг ҳукумат сиёсатига алоқаси йўқлигини таъкидлади.
“Яқинда мамлакатимизда диний соҳани тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, дин билан боғлиқ барча масалалар Муфтият ва Уламолар Кенгаши ваколатига ўтказилди. Ҳукумат диний ишларга аралашмайди ва аралаша олмайди”, деган Жапаров расмий баёнотида.
Унга кўра, юзни тўлиқ ёпадиган ниқоб каби кийимларга қарши кураш давлат сиёсати эмас, балки Муфтият томонидан белгиланган ички тартибот ҳисобланади. Давлат органлари эса мазкур қонун талабларининг ижросини таъминлашда ёрдам беришга мажбур.
Расмий маълумотларга кўра, янги қонун қоидаларига риоя қилмаганларга 20 минг сом миқдорида жарима солиниши белгиланган.












