Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва айланишига қарши курашни кучайтириш бўйича янги қонунни имзолади. Унга кўра, бу турдаги жиноятлар учун жавобгарлик сезиларли даражада оширилди. 

Бундай жиноятлар учун айбдор шахслар энди мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Агар бу жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларсиз биринчи марта содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Илгари бу муддат 5 йилдан 10 йилгача бўлган.

Вояга етмаганларга ёки таълим муассасаларида гиёҳванд моддаларни тарқатганлик учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, мол-мулки мусодара қилиниши билан бирга жазо тайинланади.

Гиёҳванд моддаларни тарқатишда айбдор деб топилган мансабдор шахсларга 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, мол-мулк мусодара қилиниши билан бирга жазо тайинланади.

Жиноий гуруҳ томонидан таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш учун жиноий жавобгарлик жорий этилди.

Гиёҳванд моддалар, психотроп моддалар ёки прекурсорларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган моддалар, асбоб-ускуналарнинг ноқонуний айланиши учун алоҳида жазо чоралари белгиланди.

Мавзуга алоқадор