Тошкентда бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150 ассамблеясида нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев Украина, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазиятларга эътибор қаратди.

Давлат раҳбари Украина атрофидаги музокаралардан ижобий натижа кутилаётганини таъкидлаб, Фаластин-Исроил можаросининг “икки халқ – икки давлат” тамойилига асосланган адолатли ечим билан ҳал этилиши лозимлигини қайд этди.

Президент Афғонистон масаласига тўхталар экан, Мирзиёев бу давлат халқаро майдонда якка ҳолатда қолмаслиги, унга минтақанинг ажралмас қисми сифатида қаралиши зарурлигини таъкидлади. “Биз Афғонистон билан конструктив мулоқотни давом эттириш тарафдоримиз. Бу жараёнда парламентларнинг ҳам роли муҳим”, деди у.

Нутқ давомида Мирзиёев охирги ўттиз йилда дунё ялпи ички маҳсулоти 4,5 баробарга ошган бўлса-да, камбағаллик даражаси деярли ўзгармаганини таъкидлаб, 2030 йилга бориб 575 миллион киши қашшоқликда, 84 миллион бола эса таълимсиз қолиш хавфи борлигини қайд этди. “Тенгсизликка қарши курашиш ҳаммамизнинг умумий вазифамиздир”, дея таъкидлади президент.

Мавзуга алоқадор