Тошкентга 361 кг эшак гўштини олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди
Сирдарёда 361 килограмм эшак гўштини олиб кетаётган машина тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда "Миллар" дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 25 май куни Қарши—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Lacetti русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, текширилган. Натижада машинанинг юкхонасидан гўшт маҳсулотлари топилган.
Суҳбат давомида ҳайдовчи ушбу гўшт маҳсулотлари ўзига тегишли эмаслигини ҳамда уни айтилган манзилга олиб кетаётганини билдирган.
Гўшт маҳсулотлари Сирдарё вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси лабораториясига топширилган ва улар эшак гўшти экани тасдиқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.













