Туркия Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчи, жумладан Истанбул шаҳар мэри Акром Имомўғлига нисбатан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилди. Бу ҳақда Туркия адлия вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, айни дамда Бош прокуратура томонидан икки томонлама тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жумладан, Терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш бўйича бюроси томонидан олиб борилаётган тергов доирасида Истанбул шаҳар мэри ҳамда яна  7 кишига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ушбу шахслар террорчилик ташкилотига ёрдам беришда гумонланмоқда.

Бундан ташқари, бошқа тергов ҳаракатлари Уюшган жиноятларни тергов қилиш бюроси томонидан олиб борилмоқда. Ушбу тергов доирасида ҳам 100 нафар гумонланувчи қўлга олинган.

Истанбул шаҳар мэри ва бошқа гумонланувчилар жиноий уюшма таркибида порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, ноқонуний равишда бошқаларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш ва бошқа жиноятларни содир этгани айтилмоқда.

Иккала тергов бўйича жами 106 нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бош прокуратура баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида тегишли ҳисоботлар, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида маълумотлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд. Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама пухта ҳамда синчковлик билан олиб борилмоқда.

"Шуни айтиш жоизки, Туркия Республикаси ҳуқуқий давлатдир. Конституциямизнинг 9-моддасида суд ҳокимияти турк миллати номидан мустақил ва холис тарзда амалга оширилиши белгиланган. Қонун олдида ҳамма тенгдир, ҳеч кимга устунлик берилмайди. Конституциямизнинг 138-моддасига мувофиқ судлар мустақилдир. Ҳеч бир орган, ҳокимият, маъмурият ёки шахс ўз юрисдикциясини амалга оширишда судларга ва судьяларга буйруқ ва кўрсатмалар бермайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 157-моддасига кўра, тергов босқичи яширин ҳисобланади.

Ушбу махфийлик одил судловнинг соғлом ишлаши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, айбсизлик презумпцияси ва ҳеч кимнинг номига доғ туширмаслик ҳуқуқи жуда муҳимдир", дейилади вазирлик баённомасида.

Унга кўра, қўзғатилган терговга нисбатан иш мазмунидан бехабар ҳолда баҳо бериш тўғри эмас.

"Холис ва мустақил суд олиб бораётган терговларни турли томонларга тортиш, тўнтарув каби иборалар билан тавсифлаш ўта хавфли ва хатодир.

Шунингдек, кўчаларга чиқиб суриштирувлар ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатиш, жамоатчиликни чалғитишга қаратилган ҳаракатларни умуман қабул қилиб бўлмайди.

Ҳамма билиши керакки, ҳуқуқий давлатда, агар жиноят содир этилса, ҳимоя кўчаларда эмас, балки суд органларида бўлади. Жиноят содир этилганлиги тўғрисида далиллар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда тегишли тергов ҳаракатлари ваколатли суд органлари томонидан амалга оширилади. Суд олдида ҳисоб бериш ва ҳимояланиш ҳар бир кишининг ҳуқуқи ва мажбуриятдир.

Ҳурматли дўстлар, суд қўзғатган тергов ва ишларни муҳтарам Президентимизга боғлаш, энг енгил таъбир билан айтганда, ҳаддидан ошиш, ҳаддини билмасликдир.

Мамлакатимизда қонун, ижро, суд билан кучлар бўлиниши муҳимдир. Суд ҳеч кимдан буйруқ ва кўрсатма олмайди.

Судга ҳужум қилиш, судьяларга таҳдид қилиш, уларни ҳақорат қилиш демократик ҳуқуқий давлатда ҳеч қачон қабул қилинмайди", дея қўшимча қилинади адлия вазирлигининг баёнотида.

Мавзуга алоқадор