Туркиянинг Болу вилояти «Карталкая» тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхонада тонгга яқин юзага келган ёнғин қурбонлари сони 76 нафарга етди.

Мамлакат Бош прокуратураси томонидан 9 киши, шу жумладан меҳмонхона раҳбари қўлга олинди. 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған фожиа муносабати билан мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилди. Шунингдек, Эрдоған Карталкаядаги меҳмонхона ёнғини бўйича масъулларни жавобгарликка тортиш учун барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

Ўзбекистон президенти ҳамдардлик билдирди 

Туркиянинг Болу вилоятидаги тоғ-чанғи курортида юз берган кучли ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга ҳамдардлик йўллади.

«Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», - дейилади Ўзбекистон раҳбари мактубида.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси меҳмонхонадаги ёнғинда, дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар мавжуд эмаслигини билдирди

Мавзуга алоқадор