Туркияда Истанбул шаҳар мэри ҳибсга олинди
Туркияда Истанбул шаҳар ҳокимиятига қарши кенг кўламли операция ўтказилди. Шаҳарнинг мэри Экрем Имамоғлу ва 100 дан ортиқ шахс, жумладан расмийлар ва тадбиркорлар ҳибсга олинди.
Тергов Имамоғлуни жиноят ташкилотига раҳбарлик қилиш, порахўрлик, фирибгарлик, тендерларда қаллоблик ҳамда ПКК билан алоқадорликда айбламоқда.
Ҳукумат тергов молиявий ҳисоботлар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланганини таъкидламоқда. Операцияда 3 минг нафар полиция ходими иштирок этган.
Мухолифатдаги асосий шахсларидан бири бўлган Имамоғлу бу ҳибсни “халқ иродасини суиистеъмол қилишга уруниш” деб атади.
Унинг маслаҳатчилари ва тарафдорлари воқеани сиёсий таъқиб сифатида баҳолашса, прокуратура бу коррупция ва тадбиркорларни пора беришга мажбурлаш схемаси эканини таъкидламоқда.
Бундан аввал, Истанбул университети прокуратура талабига биноан Имамоғлунинг дипломини бекор қилган, бу эса унинг 2027 йилда ўтказилиши мумкин бўлган президентлик сайловларида Эрдўғанга асосий рақиб сифатида қатнашиш имкониятини чеклаши мумкин.
Чунки Туркияда фақат олий маълумотли номзодларгина давлат раҳбарлиги учун кураша олади.













