Туркиянинг Коня вилоятида тўрт қаватли уй қулаб тушди
Туркиянинг Коня вилоятида жойлашган Селчуклу туманида тўрт қаватли турар-жой биноси қулаб тушди. Воқеа кечқурун содир бўлган бўлиб, ҳозирда қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни қутқариш ишларини давом эттирмоқда.
Туркиянинг Yeni Şafak нашри хабар беришича, ҳодиса вақтида бино ичида камида беш киши бўлган, уларнинг икки нафари қутқарилган. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Шаҳар мери Угур Иброҳим Алтай ўз баёнотида мазкур бинога хавфсизлик чоралари етишмаганини қайд этди ва бинонинг эски эканлигини таъкидлади. Шунингдек, барча тегишли хизматлар тезкор равишда воқеа жойига юборилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда бино қулашидан олдин иккинчи қаватда чироқлар ёниб тургани кўриниш мумкин. Гувоҳлар эса аввал кучли қарсиллаш овозини эшитишганини ва шундан сўнг бино қоғоз уй каби қулаб тушганини айтишмоқда.
Бундан аввал 2019 йилда ҳам Туркиянинг Истанбул шаҳрида шу каби тўрт қаватли турар-жой биноси қулаб тушган эди.
Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотлар берилиши кутилмоқда.













