Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат мусулмонлари орасида турли диний ҳаракатлар кўпайгани ва бу ҳолат хавф туғдириши мумкинлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда мусулмонлар 15-20 та ҳаракатга бўлинган.

Бу масала юзасидан Жапаров бир қатор муҳим чора-тадбирларни эълон қилди.

Жумладан, 2024 йил март ойидан бошлаб масжидларда фаолият олиб борадиган имом-хатибларга ойлик маош тўланади. Дастлаб маош миқдори 8 минг сом этиб белгиланган бўлса, йил охиригача 20 минг сомга кўтарилади.

Имомлар аҳолини Ҳанафий мазҳабига мувофиқ тарбиялаш ва бошқа оқимларга кирганларни ҳидоятга қайтаришга масъул бўлади.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб барча имомлар муфтиятга бўйсунган ҳолда иш олиб боради. Шу тариқа, тарқоқ оқимлар ягона тизимга келтирилади.

Жапаровнинг таъкидлашича, ушбу чоралар Қирғизистонда диний бирлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган. “Ҳамма фақат муфтиятга бўйсинади, тарқоқ ҳаракатлар тартибга келади”, – деди у.

Диний ҳаракатларнинг кўпайиши экстремизм ёки ижтимоий низоларга олиб келиши мумкин. Ҳукумат диний ходимларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг иш фаолиятини кучайтириш ва турли оқимлар таъсирини камайтиришни мақсад қилмоқда.

Мавзуга алоқадор