Ўзбекистон Афғонистонга 2025 йилда ҳам электр энергияси етказиб беради
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергияси етказиб бериш бўйича келишув 2025 йил учун узайтирилди. Бу ҳақда Afghanistan Breshna Shirkat (DABS) компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Шу ҳафтада Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация Афғонистонга ташриф буюриб, DABS бош директори Абдул Бари Умар билан музокаралар ўтказди. Учрашув якунида «Ўзэнергосотиш» ва DABS компаниялари ўртасида 2025 йил учун электр энергиясини сотиб олиш шартномаси имзоланди.
Шунингдек, 500 кВ электр узатиш линиясини қуриш бўйича техник муҳокамалар ўтказилди. Ушбу линия Сурхондан Пули-Хумригача, кейин эса Кобулга етиб боради.
Лойиҳага кўра, электр узатиш тармоғи умумий узунлиги 245,6 км.ни ташкил қилади. Афғонистонга йилига 6 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб берилади. Лойиҳа қиймати 100,1 миллион долларга баҳоланган.
TOLO News маълумотига кўра, Афғонистон электр энергиясининг 80 фоизини Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан импорт қилади. Толибон ҳукумати электр энергияси бўйича Туркманистон ва Тожикистон билан ҳам шартнома имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида ҳам Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 2024 йилгача электр энергияси етказиб бериш бўйича келишув тузилган эди.













