Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий этишни режалаштирмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлигига 3 ой ичида АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз кириш режимини жорий этиш бўйича топшириқ берди, дея хабар қилди Gazeta.uz. Бу ҳақда давлат раҳбарининг 15 май куни имзолаган фармонида сўз боради.
Фармонда, шунингдек, вазирликка Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ҳудудига кириши учун виза талабларини енгиллаштириш юзасидан музокаралар бошлаш ва унинг натижалари бўйича таклифлар киритиш топширилган.
Бундан ташқари, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон фуқаролари учун ички ҳужжат ёки ID карта, шу жумладан, 16 ёшга тўлмаган фуқароларга «киндер паспорт» билан Ўзбекистонга 30 кунгача кириш режими жорий этилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб 55 ёшга тўлган ва 30 кунгача сайёҳлик мақсадида келаётган АҚШ (ва бир қатор бошқа мамлакатлар) фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинган.
Аввалроқ 1 июндан Баҳрайн, Кувайт ва Ўмон фуқаролари учун Ўзбекистонда 30 кунлик визасиз режим амал қилиши хабар қилинганди.













