Ўзбекистон армия шайлигини ошириш мақсадида қуролли тўқнашувлар таҳлилини ўтказмоқда
2024 йилда Ўзбекистон миллий армияси жанговар шайлигини ошириш мақсадида дунёнинг турли минтақаларида бўлиб ўтаётган қуролли тўқнашувлар таҳлилини ўтказмоқда, дея хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 24 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида мудофаа вазири миллий армиянинг жанговар тайёргарлигини ошириш мақсадида замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ва ривожланган хорижий армияларнинг ижобий тажрибаси қўлланилганини маълум қилди.
2024 йилда жанговар шайлик тадбирлари ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилган. Қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлиги сезиларли даражада яхшиланган.
Шунингдек, ўтган йил давомида АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказилган. Машғулотларда дронларни бошқариш, уларга қарши курашиш, шунингдек, янги тактик ҳаракатларни ўзлаштириш масалаларига катта эътибор қаратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон 2024 йилда Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳарбий хизматчиларини мамлакат ҳудудида жанговар мутахассислик бўйича ўқитган.
Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга оид маълумотларнинг электрон базаси яратилди. Бу ташаббус бюрократик тўсиқларни камайтиришга ҳамда ҳарбий рўйхатга олиш ва ундан чиқариш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилмоқда.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, мазкур чора-тадбирлар миллий армияни замонавий қуролли тўқнашувларга тайёрлашда муҳим ўрин тутади.













