Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Европа мамлакатларига «яшил энергетика йўлаги»ни яратиш бўйича таъсис шартномасини имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шартнома уч давлатнинг магистраль электр тармоқлари операторлари — Озарбайжоннинг Azerenerji, Қозоғистоннинг KEGOC ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ўртасида 27 декабрь куни онлайн форматда имзоланди.

Мазкур келишув 13 ноябрь куни давлат раҳбарлари томонидан имзоланган битимни амалга оширишга қаратилган бўлиб, Европа Иттифоқининг «Яшил битим» ташаббусларига мос равишда иссиқхона газлари чиқиндисини камайтириш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мақсадларига ҳам хизмат қилади.

Боку марказ бўлади
Томонлар Боку шаҳрида қўшма корхона ташкил этишга келишиб олди. Италиянинг CESI компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун маслаҳатчи сифатида тайинланди.

Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб ортиқча «яшил» электр энергиясини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2030 йилда Ўзбекистон хорижга 10−15 миллиард кВт/соат электр энергиясини етказиб бериш имкониятига эга бўлади.

Энергетика вазирининг ўринбосари Умид Мамадаминовнинг айтишича, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 135 миллиард кВт/соатга етади. Ортиқча қувват эса Европа мамлакатларига экспорт қилинади.

Озарбайжон Марказий Осиё, Кавказ, Европа, Каспий ва Қора денгизларни ягона энергия йўлаги орқали боғлаш учун Қора денгиз тубидан кабель ётқизиш лойиҳасини амалга ошириш ниятида.

Мавзуга алоқадор