9 октябрь куни ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссияси янги раҳбари Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилди, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

«Томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш, ишлатилмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қиладиган янги лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Абдул Ғаффор Теравий Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган доимий ёрдам учун Афғонистон номидан миннатдорлик билдирди.

«Мамлакатларимиз ўртасадаги муштарак тарих ва фаровонлик манфаатлари барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларимизни ривожлантиришга туртки бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги учрашувимиз давомида икки томонлама, минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдик», — деди Бахтиёр Саидов Telegram-каналида.

Толибон Абдул Ғаффор Теравий Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчи этиб тайинланганини август ойи охирида маълум қилганди.

Мавзуга алоқадор