31 январь куни Ўзбекистон ва Озарбайжон расмийлари икки давлат фуқароларининг ID карталарини расмий ҳужжат сифатида тан олиш масаласини муҳокама қилишди. Бу ўзгариш амалга ошса, фуқаролар “загран” паспортсиз чегарани кесиб ўта олади.

Муҳокамадан кўзланган мақсад фуқаролар ҳаракатини соддалаштириш ва қулайлик яратиш, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, миграция сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда савдо-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.

ID карталарни тан олиш фуқароларга чет эл паспортисиз саёҳат қилиш имконини беради ва икки давлат ўртасидаги интеграцияни кучайтиради.

Маълумот учун, 2024 йил август ойида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида ID карталарни ўзаро тан олиш таклифини илгари сурган.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бу амалиётдан фойдаланмоқда. 

Бу ташаббус амалга ошса, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари ҳам ҳужжат ишларини осонлаштирган ҳолда саёҳат қила оладилар.

Мавзуга алоқадор