Президент Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда тадбиркорларга қўллаб-қувватлашнинг янги механизми – “биринчи имконият” тамойили жорий этилишини айтди. 


Унга кўра, илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлар жавобгарликдан озод қилиниб, уларга камчилигини бартараф этиш учун имконият берилади.


Президентнинг таъкидлашича, янги иш бошлаган тадбиркорлар биринчи хато учун “жавобгарликдан суғурталанган” бўлади. Чунки фаолиятнинг дастлабки йилида уларга кўмак бериш муҳим ҳисобланади.  


Статистик маълумотларга кўра, сўнгги уч йил ичида 17,5 минг корхона ташкил этилган бўлса, уларнинг аксрияти бир йилга етмасдан тугатилган. Бу жараён айниқса, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм ва Жиззах вилоятларида кўп кузатилаётгани қад этилган.


Шунингдек, давлат бошқарувини такомиллаштириш мақсадида 15 та туман ва шаҳарда барча давлат идоралари ягона маъмурий бинога жойлаштирилади. Натижада бўшайдиган 150 та бинолар тадбиркорларга аукцион орқали таклиф этилади.

Мавзуга алоқадор